Энергия — тежамкорликни талаб этади

Энергия — тежамкорликни талаб этади

Дунё миқёсида энергия тежамкорлиги долзарб масала бўлиб турибди.  Бу — энергия истеъмоли уни ишлаб чиқаришга нисбатан жадал суръатларда ўсаётгани билан изоҳланмоқда.

Фарғона вилоятида иқтисодиёт тармоқларининг энергия самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотга сарфланадиган энергия миқдорини қисқартириш соҳасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Қувасой шаҳридаги  “Қувасойшифер Хризотил” МЧЖда бу борада янги лойиҳалар  амалга оширилди. Жамиятда ёқилғи-энергетика ресурсидан фойдаланиш жараёнларини баҳолаш ҳамда ёқилғи ва энергия таъминотига харажатларни камайтириш имкониятларини аниқлаш, энергияни тежайдиган ечимларни ишлаб чиқиш мақсадида “Ўзэнергоинспекция” томонидан тасдиқланган дастур асосида энерго-аудит ўтказилди.

Жамият томонидан шифер маҳсулот-лари ишлаб чиқаришда модернизация ишлари олиб борилиб, замонавий линиялар ўрнатилди ва технологик жараён тўлиқ автоматлаштирилди.  Натижада,  иқтисодий ўсиш суръати тобора юксалиб бормоқда.

Жумладан, 2018 йилда 1 тонна шартли ёқилғи сарфлаб, 690 дона шифер ишлаб чиқарилган бўлса, энергия тежамкор технологиялар ўрнатилганидан сўнг  1 тонна шартли ёқилғи  билан  шифер ишлаб чиқариш 1108 донага етди.

Жорий йилнинг тўққиз ойида эса бу кўрсаткич 1159 донага тўғри келмоқда. Истиқболли лойиҳаларнинг  самараси туфайли  жамиятнинг ишлаб чиқариш қуввати 2018 йилга нисбатан   30-40 фоизга, энергия сиғими 12 фоизга  қисқарган.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, саноат корхоналарида ўтказиладиган энергоаудит текширувлари энергия ресурсларининг ҳар бир тури бўйича тежаш имкониятини бермоқда, сарф-харажатларни камайтириш бўйича иқтисодий захираларини аниқлашда қўл келаётгани билан аҳамиятли.

 

Л.Акбархўжаев,

“Ўзэнергоинспекция” Фарғона ҳудудий бўлими бош мутахассиси.