Ерга данак тушди… Кўчатчиликда катта тажриба бор, аммо сотгани бозор йўқ

Ерга данак тушди… Кўчатчиликда катта тажриба бор, аммо сотгани бозор йўқ

Фарғона туманидаги “Меҳнатобод” маҳалла фуқаролар йиғинида кўчат етиштирувчи соҳибкорлар кўп. Қиш остона хатлаган бўлса-да, томорқа, боғдорчилик юмушлари  авжида. Шудгорланган майдонларга данак экиш  бошланди.  Тупроқ ҳароратида данаклардан унган ниҳоллар  баҳор қуёшида аста бош кўтаради. Август ойи навларни саралаш, пайвандлашда  муҳим палла ҳисобланади. Кўчат етиштириш, пайвандлашда ўзига хос тажрибага эга бўлган меҳнатободликлар йилнинг тўрт фаслида яхши даромад топади.

 

Бекзод Зокиров  ёш бўлса-да, кў-чат етиштириш, пайвандлаш ишларида тажрибали боғбонлардан.

— Айни кунда ўн сотих майдонга данак экдик, бу ўн минг туп кўчат дегани, — дейди ёш боғбон. — Бир дона ниҳол  кўчат ҳолига келгунча уч йил фурсат талаб этилади. Ҳозирда  10 минг туп ўрик,  бодом, олма, шафтоли, гилос навлари баҳорги экиш мавсумига тайёр.  Бу 50 миллион сўмдан ортиқ даромаддир. Бундан ташқари, аҳоли талабига мос бўлган  пакана ва ярим пакана мева навларини  кўпайтирамиз. Шу мақсадда Қирғизистондан   “Крепсон“, “Оқ олма”, Туркия-дан гилос навларини олиб келяпмиз.

Меҳнатободликлар етиштирган кўчат навлари  серҳосиллиги, яхши туп олиши билан ажралиб туради. Ҳудудда  кўчатлар савдоси  учун бозор йўқ.  Етиштирилган  ниҳоллар атроф  бозорларига олиб бориб сотилади.  Бу ортиқча оворагарчилик  ва маҳсулот тан  нархларининг  қимматлашишига  сабаб бўлмоқда.

— Маҳалламизда кўчат етиштириш тажрибалари оммалашиб бормоқда,  — дейди фуқаролар йиғини раиси Шуҳратжон Мамажонов. — Жумладан, Жанубий Корея ва Сербиядан янги нок навлари олиб келиниб   маҳаллийлаштирилди. Ниҳоллар  эрта ва сифатли ҳосил  бериш хусусиятлари билан ажралиб туради. Ҳудудимизда 50 гектар томорқа бор. Шу кунгача ўнта янги иссиқхона қурилди. Бу ерда эртанги бодринг, помидор, цитрус мевалар етиштирилмоқда.

“Оқ йўл барака” фермер хўжалиги  мевали ва манзарали кўчат етиштирувчи боғбонлар билан ижара асосида иш олиб бормоқда. Жорий йилда  фермер боғларида етиштирилган 1 миллон 200 минг АҚШ доллари миқдоридаги  маҳсулот экспор-ти амалга оширилди. Бунинг 60 минг доллари сара кўчатлар ҳиссасига тўғри келади.

Расулжон Камолов.

Шерзод Қорабоев

олган сурат.