ФУҚАРОЛИК ҲУҚУҚИ КАФОЛАТИ

ФУҚАРОЛИК ҲУҚУҚИ КАФОЛАТИ

Конституция фуқаролик ҳуқуқининг асосий иштирокчиси ҳисобланган инсон ва унинг манфаатларини олий қадрият деб ҳисоблайди.

Бош Қомусимизнинг барча моддаларида фаровон ҳаёт ва буюк келажакнинг асоси бўлган масалалар қамраб олингани, айниқса, аҳамиятлидир.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 94-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг Президенти Конституцияга ва қонунларга асосланиб ҳамда уларни ижро этиш юзасидан республиканинг бутун ҳудудида мажбурий кучга эга бўлган фармонлар, қарорлар ва фармойишлар чиқаради”, деб белгиланган. Президент қарор-фармонлари турмушда, халқ хўжалигида, иқтисодиётда, ишлаб чиқаришда кечиктириб бўлмайдиган муносабатларни тартибга солиш ва мустаҳкамлаш эҳтиёжидан келиб чиқади. Уларнинг аксарияти фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солаётганлиги учун фуқаролик ҳуқуқининг манбаи бўлиб ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқ лаёқатининг мазмуни Конституциянинг “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” номли иккинчи бўлимидаги қатор моддаларда кенг таърифланган ва мустаҳкамланган. Уларда фуқароларнинг мол-мулкка эга бўлиши, мерос олиши, мерос қолдириши, касб ва турар-жой танлаш, фан, адабиёт, санъат асарлари яратиш, тадбиркорлик фаолияти билан ва умуман қонунда тақиқланмаган ҳар қандай фаолият билан шуғулланиш, шунингдек, бошқа кенг мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларга эга бўлишлари мумкинлиги айтилган, асосий қонун даражасида мустаҳкамланган.

Шу билан бирга, ёлланма меҳнатдан фойдаланиш, ўзлари мустақил равишда юридик шахслар ташкил этишлари, қонунга зид бўлмаган ҳар қандай битимлар тузишлари ва мажбуриятларда қатнашишлари,  бошқа шахслар томонидан етказилган зарарнинг тўланишини талаб қилишлари, маҳсулот турини ва яшаш жойини танлашлари,  фан, адабиёт ва санъат асарларининг, ихтироларнинг, қонун билан қўриқланадиган бошқа интеллектуал фаолият натижаларининг муаллифи ҳуқуқига ҳамда бошқа мулкий ва шахсий ҳуқуқларга эга бўлишлари мумкин.

Қонунда белгиланган ҳоллар, тартибдан ташқари, ҳеч кимнинг ҳуқуқ ва муомала лаёқати чекланиши мумкин эмас. Фуқаронинг ҳуқуқ ва муомала лаёқатидан тўла ёки қисман воз кечиши ҳақидаги, шунингдек, ўз ҳуқуқ ва  муомала лаёқатини чеклашга қаратилган битимлар ўз ўзидан ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Бир сўз билан айтганда, Конституциямиз – мукаммал тарихий ҳужжат, у фуқаролик ҳуқуқимизнинг мустаҳкам кафолати ва ҳимоячисидир.

Хурсаной ИСЛАМОВА,

ЎзМТДП Фарғона вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.