Риштон туманидаги Амиробод қишлоғида ер билан тиллашадиган миришкорлар кўп. Томорқада мўл ҳосил оладиган хонадон эгалари ҳалол меҳнат қадрини яхши билади. Эрта баҳорда бошланган томорқа юмушлари кеч кузга қадар давом этади.
Боқижон Тешабоев олти сотих томорқасида сабзавотлар етиштиради. Муҳими, меҳнатига яраша даромад топади. Шинам уй-жой, тўй-тўйчиқ ана шу меҳнат маҳсули.
— Томорқадан мўл ҳосил олишда кузги шудгорнинг ўрни катта, — дейди Боқижон ака. — Шудгорлашдан олдин маҳаллий ўғит солиб, икки кетмон қилиб чопамиз, чилла суви берамиз. Бу ер намини яхши ушлайди, зарарли ҳашаротларни нобуд қилади. Оби-тобида шудгор қилинган ер эрта кўкламда тез ва сифатли етилади. Март ойининг биринчи ҳафтасида ерга бодринг кўчати ўтқазамиз. Апрель ойининг биринчи ўн кунлигида ҳосил теримини бошлаймиз. Бодринг пуштасига помидор оралиғида аччиқ қалампир етиштирамиз. Бунда шугорнинг ўрни катта. Кузда чуқур қилиб чопилган ер “дам” олиб янги ҳосилга яраша ”куч” тўплайди. “Ер ҳайдасанг куз ҳайда, куз ҳайдамасанг юз ҳайда” деган нақл бежиз айтилмаган. Кузги шудгор тупроқ унумдорлигини оширади, сув ўтказувчанлигини яхшилайди, шўри ювилишига ёрдам беради.
— Маҳалламизда 38 гектар томорқа майдони бор, — дейди “Амиробод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Фарҳод Маҳмудов. — Кейинги йилларда томорқани шудгорлаш учун кичик техникалар жалб этилаётгани иш унумдорлигини оширмоқда. Оддий ва бошқариш учун қулай бўлган чопиқ тракторлари экин майдонларини сифатли шудгорлайди. Шу кунга қадар 5 нафар томорқачилар ана шундай кичик ҳайдов техникаларини харид қилди.
Деҳқонлар таъбири билан айтганда, кузги шудгорнинг хусусиятлари кўп. Амирободликлар томорқаларини оби-тобида шудгорлаб қўйишди.
Расулжон КАМОЛОВ.