НОМИ “ЭКОБОЗОР”ГА АЙЛАНТИРИЛГАН ДЎКОНЛАР

НОМИ “ЭКОБОЗОР”ГА  АЙЛАНТИРИЛГАН ДЎКОНЛАР

ёхуд Ёзёвон туманидаги савдо шохобчаларидаги манзаралар

 

Газетамизнинг аввалги сонларида хабар берганимиздек, Президентимиз иштирокида озиқ-овқат хавфсизлигини  таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари муҳокама этилган видео-селектор  йиғилишида берилган топшириқ асосида шу кунларда вилоятимизнинг барча шаҳар-туманлари маҳаллаларида экобозорлар  қуришга киришилди. 

ЭКОБОЗОР аҳолини асосий турдаги арзон ва сифатли озиқовқат маҳсулотлари билан таъминлайди, узоғини яқин, оғирини енгил  қилади.

Ёзёвон туманидаги  33 та маҳалла фуқаролар йиғинларининг 11 та ҳудудида экобозорлар барпо этишга киришилган.

“Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғини Андижон-Қўқон катта магистрал йўлида жойлашган. Йиғинда 580 та хонадон учун иккита дўкон бор. Шу йиғинда истиқомат қилувчи тадбиркор Асилбек Маҳкамов туманда биринчилардан бўлиб экобозор қурди.  Қисқа фурсатда шаҳарсозлик ва санитария меъёрлари ва қоидалари асосида Навбаҳор кўчасига ўз маблағи ҳисобидан узунлиги 12 метрлик контейнер ўрнатди. Унинг ёнига новвойхона қурди ва ишга туширди, бу билан 8 та иш ўрни яратди,  патир нонлар савдосини йўлга қўйди.

Шу кунларда тадбиркор контейнер ичига пештахталар ўрнатиш, музлаткич сотиб олиш ҳаракатида. Унинг айтишича, шу пайтгача мааҳаллада қассобхона, сартарошхона бўлмаган. Эндиликда у контейнер ёнига маҳалла аҳлини арзон гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш ва маиший хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш учун сартарошхона қуришни режалаштирди.

“Хонобод” МФЙда исти-қомат қилувчи Умархон Нисбатхонов ҳам ўз маблағига контейнер сотиб олиб, бўш майдонга ўрнатди. Ҳудуд атрофини ободонлаштиришди. Савдо шохобчасини арзон турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳ-сулотлари билан таъминлашни мақсад қилди.

— Экобозор очилиши ҳақидаги хабарни эшитиб, биз маҳалла аёллари жуда қувондиқ, — дейди «Хонобод» МФЙ Пахтачи кўчасида истиқомат қилувчи Муҳаррамхон Эргашева. — Тўғрисини айтганда, ма-ҳалла дўконларида айрим маҳсулотларнинг нархи туман марказий деҳқон бозоридан анча қиммат. Масалан, гуручнинг нархи дўконда 12 минг сўм, бозорда эса 8 минг сўм. Биз аёллар ҳамиша рўзғорга қайишганимиз боис нарх-навони ҳам синчковлик билан кузатиб борамиз. Агар нарх-навони барқарор сақлайдиган экобозор очилса, одамлар бу хайрли ишдан рози бўлишади.

—  Мен ҳам экобозор ташкил этилишидан хурсандман. Ўн йилдан буён томорқамдаги иссиқхонада лимон, помидор, бодринг етиштираман. Қишда маҳсулотимни марказий деҳқон бозорларига олиб бориб сотишга баъзида имкон бўлмайди. Оқибатда уларнинг сифати бузилади. Энди бозор ҳам  уйимнинг олдида бўлади, маҳсулотларимни бемалол бозорга олиб чиқиб бераман, — дейди “Қатортол” маҳалла фуқаролар йиғини  Бобур кўчаси, 15-уйда яшовчи Хайитназар Худойназаров.

Шу ўринда баъзи рақамларга мурожаат қилмоқчимиз. Бу йил туман фермерлари томонидан 759 тонна картошка, 311 тонна пиёз, 255 тонна сабзи, 938 тонна гуруч маҳсулотлари етиштирилди. Афсуски, аксарият савдо дўконларида туман фермерлари етиштирган маҳсулотлар  йўқ. Сотувчилар асосий турдаги маҳсулотларни Марғилон шаҳридаги улгуржи савдо бозоридан сотиб олиб келишади.

“Наврўз” МФЙда тадбиркор Хайрулло Маматқулов йўл бўйига ҳар томонлама қулай контейнер ўрнатибди, барака топсин.  Ундан сал нарироқда эса олдиндан мавжуд бўлган дўкон олдига айвон қурилиб, у “Экодўкон” (?) деб номланибди. Сотувчи ўз маблағи ҳисобига тиклаган бу айвонни енгил конструкцияли дўкон деб атади. Иккала дўконда ҳам нарх-наво бозор нархидан бир оз баландроқ. Картошка, 3800- 4000  сўм, пиёз 2500  сўм, сабзи 1500  сўм, олма, узум 8 минг сўм.

— Талаб даражасидаги экобозорлар ташкил этилиши билан ана шу муаммолар барҳам топади, — дейди маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими бошлиғи Зулфияхон Тешабоева. — Ҳозирда туманимизда 650 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари бор. Хонадонларда сут ва сут маҳсулотлари, қандолат ишлаб чиқараётган, паррандачилик билан шуғулланаётган оилалар кўплаб топилади. Оила бекаларининг ҳаммаси ҳам маҳсулотини марказий деҳқон бозорига етказиб олиб бориш имкониятига эга эмас. Бундан буён улар маҳсулотларини экобозорга топширишади.  Шу кунгача вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси томонидан белгиланган режа-топшириқ асосида туманда 40 нафар экобозор қуриш истагини билдирган тадбиркорларнинг аризаларини қабул қилдик.

Очиғини айтиш керак, ҳали туманда бу борадаги ишлар маромига етказилмаган.  Айрим жойларда  тайёр дўконга “Экодўкон”  деган пешлавҳани ўрнатиш билан чекланишган. Нархлар эса ўша-ўша — қиммат. Қиш яқинлашгани сари одамларнинг озиқ-овқатга бўлган талаби ҳар доимгидан-да юқори бўлади.  Одамлар қийналиб шаҳар ёки туман марказига бориб юрмасдан ўзларининг маҳалла гузарларида ташкил этилган экобозордан харидларини амалга оширишлари керак.  “Сувлиариқ”, “Янгиобод”, “Гастон” МФЙ ларга ўрнатилган контейнерлар савдо шохоб-часи сифатида фаолият кўрсатмаяпти.

Маълумотлар рўйхатига киритилган “Иштирхон” МФЙда истиқомат қилувчи тадбиркор Дониёр Ғозиев билан телефон орқали боғланганимизда, у бу рўйхатдан мутлақо хабари йўқлигини билдирди.

“Баҳор” МФЙда йўл бў-йида  бир-биридан гавжум дўконлар жой  олган. Лекин 3526 нафар аҳоли истиқомат қилаётган маҳаллада экобозордан дарак йўқ. Сотувчилар у ёқда турсин, маҳаллий тадбиркорлар вакиллари экобозор ҳақида тўлиқ маълумотга  ҳам эга бўлишмаган.

“Марказий Фарғона” МФЙ-

да янги ўрнатилган контей-нер ичига озиқ-овқат маҳ-

сулотлари ўрнига болалар кийим-кечаклари тўлдирилган. Бу ердаги дўкон сотувчиси контейнердаги маҳсулотлар бир тадбиркор аёлга тегишли, дея изоҳ берди.

Кўчма бозорлар ривожланган мамлакатларда ҳам  учрайди. Чет элликлар бизнинг чапани халқимизга ўхшаб якшанба куни озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бозордан харид қилишни кутиб ўтиришмайди. Бизда ҳам секин-асталик билан мана шундай қулай шароитларга йўл очиляпти, дейишди ёзёвонлик ёшлар суҳбат асносида.

Экобозорларни ёзёвонлик-лар интиқлик билан кутиш-япти. Фақатгина бу ишга дахлдор раҳбарлар масъулиятни ҳис этсалар бўлгани.

 

Маъмура  АБДУРАҲИМОВА.