Кимга дармон, кимга армон Шоҳимардон…

Кимга дармон,  кимга армон  Шоҳимардон…

Мутахассис шифокорлар дунёни ларзага солаётган  коронавируснинг асоратларидан бири пневмония (зотилжам) касаллиги деб баҳолашмоқда. Вилоятимизда ҳам беморларнинг аксарияти юқори нафас йўллари хасталикларидан азият чекишмоқда. Бу касалликнинг энг беминнат шифоси Шоҳимардон. Унинг тоғларидан, сойларидан оқиб келаётган сувлари, арчазорлари, мевалари, ўт-ўланлари беминнат ва беназир малҳам.

Тоғ ён бағридаги игна баргли дарахтлардан чиқаётган фитонцитлар, эфир мойлари, энг муҳими, озон қатлами бронхит, бронхиал астма, пневмония, турли ижтимоий аллергенлар ва асаб тизимини даволовчи муҳим воситалар саналади. Буни қарангки, эчки, сигир соғилаётган вақтда сутдан кўтарилаётган ҳовурда ҳам маълум даражада озон қатлами ҳосил бўлиб, у ўпка альвеолаларининг тўлиқ очилишига ёрдам бераркан.  Айни тоғларнинг ўзидан терилган кийик ўти, дасторгул, бўзночгул гиёҳлари дамламаси қандли диабет, юрак-қон томир, вегетатив асаб тизими, умумий ҳолсизлик, чарчоқ, депрессияни даволайдиган табаррук табибдир. Айтишларича, сойларнинг тошлари ҳам катталашаркан. Уни маҳаллий лаҳжада тош семиради, дейишаркан. Ана шу қаттиқ жисмга ҳаёт бағишлаган сувда ҳам шифобахш хусусият бўларкан. Шундай экан,  бугунги кунда  беморларнинг Шоҳимардонга бориб саломатлик-ларини тиклаб келишлари учун мутасаддилар дурустроқ бош қотиришлари керак.

Бир пайтлар Шоҳимардондаги “Она ва бола” вилоят соғломлаштириш реабилитация маркази республикада ягона давогоҳ саналарди. Аввалги йилларда марказда даволаниб келиш кўплаб ёш оналар учун ушалмайдиган орзу эди.

Кейинги икки-уч йил ичида Шоҳи-мардонга транспорт қатновлари йўлга қўйилиб, бу машаққатлар барҳам топди.  Ҳозирда марказ вилоят  юқори нафас йўллари касалликларини даволашга ихтисослашган пульмонология шифохонасига айлантирилди. Шу пайтга қадар шифохона эллигинчи йилларда қурилган атиги 140 ўринли бинода фаолият кўрсатаётган эди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан берилган маълумотларга кўра, йил якунида  6 млрд. сўм маблағ эвазига шифохонага қўшимча тарзда уч қаватли бино барпо этилади.

 

Маъмура АБДУРАҲИМОВА.