“МИННАТДОРМИЗ, КЛАРА АНДРЕЕВНА!”

“МИННАТДОРМИЗ, КЛАРА АНДРЕЕВНА!”

Бемор боланинг жажжи қўлларини тутиб, унинг ҳароратини туймоқ, мурғак жонига шифо изламоқ катта саодат аслида. Бунинг учун, аввало, тоза қалб керак инсонга. Дилбандларнинг дард чекаётган жисмига соғлом ҳаёт нафасини, маъюс кўзларига тиниқ табассумни қайтармоқ учун эса шубҳасиз жасоратга, улкан билимга суянилади. Клара Андреевна бу жиҳатдан жуда бахтли. Унинг тақдирига болалар дардига дармон улашиш толеи битилган.

1978 йилда Ўрта Осиё тиббиёт институтининг педиатрия иши йўналишини тамомлаган Клара Ким 22 йил Марғилон шаҳар тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги муассасаларда шифокор-педиатр сифатида меҳнат қилди. Айниқса, шаҳар болалар шифохонаси, марказий шифохонадаги фаолиятлари унинг соҳадаги иқтидори, билим ва малакасини янада оширди. 2000 йилда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали шошилинч педиатрия бўлимида ишлай бошлади. Мана, 17 йилдирки, бўлим мудири.

Клара Ким ҳузурига ҳар куни ўнлаб шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож болаларни олиб келишади. У ҳар бир болага жиддий эътибор, тўғри ташхис ва мақбул даво чораларини белгилаш — шифонинг ярми, деган мезонга қатъий амал қилади. Респуб-лика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалининг 30 ўринга мўлжалланган шошилинч педиатрия бўлимида Раъно Аҳмедова, Ҳайитбой Юлчиев, Азиза Эшонова сингари шифокор, Муҳаббат Шамсутдинова, Муаттар Тожибоева, Одина Ортиқова сингари ҳамшира, Зуҳра Нурматова, Шаҳноза Раҳмонова сингари кичик тиббий ходимлар Клара Андреевнага кўмакдош. Аксарияти ўткир респиратор инфекция, лорингорахеит, ринофарингит, обструктив бронхит, бронхиал астма, афтозно-стоматит, аллергия, пневмония сингари хасталикларга чалинган митти жонларнинг дармони шу ерда. Биргаликдаги фидойи меҳнат самараси ўлароқ бир ойнинг ўзида 200 нафардан зиёд бемор болалар соғлом ҳаётга қайтишаётгани унинг бошчилигидаги жамоанинг муштарак ғалабаси,  албатта. Бу рақамларни йилларга чамалаганда, шифо топган неча минглаб қоракўз дилбандлар борлигини англаш қийин эмас.

Бугун ҳам ўнлаб соғлом нигоҳли болалар бўлимни тарк этишмоқда. Фарғона туманилик Н. Исмоилованинг олти ойлик чақалоғи Муҳаммадрамазон ҳиқилдоқ сиқилиши, Фарғона шаҳрилик М. Абдухолиқованинг 11 ойлик фарзанди Моҳиноза ўткир фарингит, олтиариқлик Ғ. Мирзаолимованинг бир ярим ёшлик кичкинтойи Абдулфайз эса ўткир бронхит хасталигидан соғайишди. Дилбандининг дард ариган чеҳрасига қараб тўймаётган, унинг мададкорига қай тарзда раҳматлар айтишга сўз тополмаётган бахтиёр оналар дили-ю тилида фақат бир сўз жаранглайди:

“Сиздан миннатдормиз, Клара Андреевна!”

Клара Ким табиатан камтар, самимий, мақтовга ўч эмас. Унинг меҳнатларини давлатимиз муносиб тақдирлаган. 2019 йилда давлатимиз раҳбарининг Фармони билан II даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан мукофотланди.

Қаҳрамонимизга ўзбекона  удум ва қадриятлар ошёни бўлган Марғилон оналик қилди. Турмуш ўртоғи Валерий Ким билан замондошларимиз ҳавас қилгулик оилани бунёд этишди. Асли корейс фарзанди бўлса-да, кўҳна шаҳар “сувини ичган” Клара Ким чинакам шарқона ҳаёт тарзини ўзлаштирди, ўғиллари Леонид, Андрей ва Александрларни ҳам ўзбекона миллий руҳда тарбиялади, элга қўшди.

Айни дам олтмишдан ошиб, етмишни кўзлаётган бўлса-да, унинг очиқ чеҳраси-ю боласевар қалбида навқиронлик, шижоат, ҳаётга ва касбга муҳаббат ёниб туради. Клара Андреевнанинг ҳаётий иқрорлари ҳам ўзига хос: “Болаларнинг соғлом ва беғубор нигоҳлари учун яшаб, меҳнат қилар эканман, улар менинг ҳаёт эликсирим бўлиб қолаверади”.

 

Дилнавоз ҚЎЛДОШЕВА.