ЯНГИ МАЖМУА — ВИЛОЯТ ЭНДОКРИНОЛОГИЯ ДИСПАНСЕРИ

ЯНГИ МАЖМУА — ВИЛОЯТ ЭНДОКРИНОЛОГИЯ ДИСПАНСЕРИ

Фарғона  тумани  Миндонобод маҳалласида вилоят эндокринология диспансерининг тантанали очилиши шифокор-у ҳамшираларнинг касб байрамларига муносиб совға бўлди.

Бундан аввал диспансер манзилини бир неча бор ўзгартирган: Фарғонанинг Ойбек номли турар-жой мавзеси, шундан сўнг Янги Марғилон шаҳарчасида жойлашган эди. Ниҳоят, бу муассаса Миндонободда қўним топди.

“Олтиариқ Файз бинокор” МЧЖ қурувчилари туманнинг бу маҳалласида диспансер учун замонавий мажмуа барпо этдилар. Аслида умумий қиймати 14,8 млрд. сўмга тенг бу объект қурилишига улар 2018 йилнинг февраль ойи бошида киришган бўлиб,   мажмуани  ўтган йилнинг охирида битказишган эди. Бироқ, коронавирус пандемияси туфайли муассаса эндокринология диспансери сифатида энди фойдаланишга топширилди.

Икки гектар майдонни эгаллаган мажмуа асосан бир-бирига боғланган иккита уч қаватли бинодан иборат бўлиб, унда 120 ўринли шифохона ва соатига 150 нафар беморни қабул қилишга мўлжалланган поликлиника жойлашган.  Унинг ҳудудида, шунингдек, маъмурий, стерилизация ҳамда ёрдамчи бинолар – ошхона, кирхона ва бошқалар бор.

1-умумий эндокринология бўлими мудири, олий тоифали шифокор  Олимжон Холбеков диспансер билан таништирар экан, фахрланаётганини яширмайди:

— Кўриб турганингиздек, муассасамизда касалликни аниқлаш, даволаш  ва беморларни кузатиб бориш учун барча шароитлар яратилган, — дейди Олимжон Холбеков. — Шифохонамизда бешта, шу жумладан, реанимация, жарроҳлик бўлимлари бор. Лаборатория, УЗИ, рентген-аппарат аниқ ташхис қўйишга, демакки, муваффақиятли даволашга имкон беради. Биз гипофиз, қалқонсимон без, қандли диабет, болалар ва ўсмирлар эндокрин касалликлари, шунингдек, эркак ва аёл бепуштлиги ҳамда семизликни даволаймиз. Шу сабабли диспансеримизда эндокринологлардан ташқари тор ихтисосли шифокорлар – реаниматолог, гинеколог, андролог, жарроҳ, педиатр ишламоқда.

Диспансер шифохонасида подиатрист ёки бошқача қилиб айтганда, подолог ҳам бор. Бу лавозимда ҳамшира Нигора Бекмирзаева ишлаб келиб, унинг вазифасига тиббий педикюр, товонларни уқалаш ва бошқа муолажалар киради.

Шуниси диққатга сазоворки, рентген-кабинет ўзимизда, аниқроғи, бундан икки йил бурун ташкил топган МЧЖ шаклидаги “Listem-Fergana” қўшма корхонасида ишлаб чиқарилаётган аппаратлар билан жиҳозланган. Рентген-аппаратнинг бири — стационар, яъни кўчмас, иккинчиси эса мобиль бўлиб, оғир бемор ётган хонага бориб рентгенга тушириш мумкин.

Диспансерда очилган “Диабет мактаби”га алоҳида тўхталсак арзийди. Бу ерда эндокринолог-
шифокорлар ички секреция безлари фаолиятининг  бузилиши са-
бабли келиб чиқадиган касаллик-лар билан оғриган беморлар амал қилишлари лозим бўлган соғлом турмуш тарзидан сабоқ берадилар.

— Эндокрин касалликлари бутун дунёда, жумладан, мамлакатимизда ҳам ўсиб бормоқда. Буни қандай изоҳласа  бўлади? – сўрайман Андижон тиббиёт институтини битириб, 28 йилдан бери шу эндокринология хизматида меҳнат қилаётган доктор Олимжон Холбековдан.

— Касалликларнинг ўсиши, биринчидан, аҳоли сонининг ўсиши, иккинчидан, ҳаёт даражасининг ошишидандир. Кучли стресс, яъни асаббузарлик, юқори калорияли овқатларнинг тановул қилиниши, деярли пиёда юрмаслик семиришга, демакки, қандли диабетга олиб келяпти. Ҳайронман, қандли диабет билан касалланганларнинг фарзандлари  ҳузуримга ташаккур айтгани келганларида, маслаҳат-тавсия олишга шошилмайдилар, ваҳоланки, бу — ирсий касаллик бўлиб, унинг олдини олиш чораларини кўриш зарур.

Йод танқислиги ҳам эндокрин касалликларига, хусусан, жисмоний ва ақли заифликка олиб келишини ҳамма билади. Бу модда асосан океанда мужассам:  денгиз маҳсулотлари, сувўтларида мўл, бизнинг ҳудуд эса ундан анча йироқ. Шу сабабли ҳавода ҳам, сувда ҳам, тупроқда ҳам йод деяр-ли йўқ.Танамизни бу ғоят муҳим элементга тўйинтириш учун нимани истеъмол қилиш лозим?

Йод билан бойитилган ош тузини. Айтгандай, сиз бирон марта ош тузининг музлатгичда сақланаётганини кўрганмисиз? Албатта, йўқ. Ваҳоланки, бу учувчан моддани тузда сақлаб қолиш учун уни ёпиқ жойда, маҳкам ёпиладиган идиш ва туздонда сақлаш лозим. Одатда, хурмо ҳам йодга бой бўлади, лекин маҳаллий тупроқда бу модданинг йўқлиги сабабли, бизнинг шароитда етиштирилган бу мева таркибида йод йўқ, десак адашмаймиз.

Тамара ТОШМАТОВА.