ҲУДУДЛАРДА ТИББИЙ ХИЗМАТ СИФАТИ ПАСТ

ҲУДУДЛАРДА ТИББИЙ ХИЗМАТ СИФАТИ ПАСТ

Эндиликда бу муаммо барҳам топиб, қишлоқларда ҳам замонавий шифохоналар бўлади

Саломатлик бебаҳо бойлик бўлиб, пандемия шароитида буни барчамиз янада теранроқ ҳис этдик. Айниқса, тиббиёт соҳасидаги камчиликлар бу вазиятда яққолроқ билинди. Шу боис ҳам  соҳа бутунлай қайта кўриб чиқилиб, такомиллаштирилмоқда.  Президентимиз раислигида 6 ноябрь куни бўлиб ўтган соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини
шакллантириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида бу борадаги муҳим вазифалар белгилаб олинди.

  Хўш, йиғилишда асосан қайси масалаларга эътибор қаратилди ва муҳим йўналишлар  нималардан иборат?

-Умумий амалиёт шифокори оилавий шифокорга айлантирилади ҳамда уларга ёрдам берадиган ўрта тиббиёт ходимларидан иборат терапия, педиатрия, акушерлик ва патронаж бўйича “тиббиёт бригадалари” ташкил этилади.

-Бирламчи бўғин шифокорларига ипотека уйлари ажратилади.

-Олис ва чекка ҳудудлардаги бирламчи бўғин тизимига ишга қабул қилинган тиббиёт ходимларига 30 миллион сўм миқдорида бир марталик пул маблағи, хизмат уй-жойи билан таъминланади ёки ижара тўловини компенсация қилинади.

-Энди оилавий шифокор аҳолига қанча кўп хизмат кўрсатса, бригадаси билан шунча кўп ойлик олади.

-Шифокорларни қоғозбозликдан халос этиш учун жараёнлар рақамлаштирилади. Мисол учун, ҳозир битта шифокор иш кунининг 60 фоизини 10-15 та қоғоз ҳисоботларни тўлдиришга сарфлайди.

-Энди врач, касалхона, поликлиникалар бош шифокорларлари ёки бошқа тиббиёт ходимлари бирорта қўшимча ишга жалб қилинмайди.

-2021 йил 1 июндан бошлаб 6 хил тоифадаги аҳоли бепул дори воситалари ва витаминлар билан таъминланади.

-Тошкентдаги 17 та ихтисослашган республика тиббиёт марказларининг минтақавий филиаллари ташкил этилади.

Бугунги кунда Фарғона вилоятининг қарийб 3 миллион 800 минг нафар аҳолисига 335 та даволаш профилактика ва ёрдамчи муассасалар томонидан тиббий хизмат кўрсатиб келиняпти. Улардан 115 таси оилавий поликлиника ва 63 та қишлоқ врачлик пунктларидир. Мазкур масканларда 6 минг 990 нафар врачлар ҳамда 42 минг 600 нафар ўрта тиббиёт ходимлари меҳнат қилиб келишмоқда.

— Давлатимиз раҳбари видеоселекторда тиббиёт соҳасидаги  оғриқли нуқталарга  эътибор қаратгани ҳам бежиз эмас, — дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Ҳусанжон Мамажонов. — Би-
ринчи бўғинда тиббий хизмат кўрсатиш сифати ҳақиқатдан паст бўлиб, малакали шифокорлар етишмайди. Пандемия даврида мурожаатлар кескин кўпайди, аммо ҳудудларда тор доирадаги мутахассисларнинг камлиги боис эътирозлар пайдо бўлди. Шу боис ҳам  умумий амалиёт шифокорини ҳақиқий оилавий шифокорга айлантириш вазифаси қўйилди. Ҳозирда шаҳар ва туманларимизда бу бўйича амалий ишларга киришдик.

Вилоятимизда Олтиариқни тиббиётда энг намунали туман сифатида ташкил этилиши белгиланган. Бу ерда  аҳолига сифатли тиббий хизматни йўлга қўйиш борасида “йўл харитаси” ишлаб чиқилаётган бўлиб, унда кўплаб ишларни амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Ҳозирда туманда 16 та тиббиёт муассасалари фаолият кўрсатмоқда. Жорий йилда инвестиция дастури доирасида 4 та тиббиёт масканида реконструкция ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

— Бугунги кунда Қизилтепа ва Жўрак қишлоқ врачлик пунктлари ҳамда 38 ва 39-сонли қишлоқ оилавий поликлиникалари  мукаммал таъмирга муҳтож бўлиб, дастлабки ҳисоб-китобларга асосан 6,2 миллиард сўм маблағ зарур, — дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи  Аброржон Иброҳимов. — Ту-манимиздаги тиббиёт муассасаларига жорий йилнинг 10 ойи давомида 1,6 миллиард сўмлик маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан тиббий аппарат ва жиҳозлар олиб келиб ўрнатилди. “Саломатлик-1” ва “Саломатлик-2” лойиҳалари доирасидаги тиббий жиҳозларнинг аксарияти 15-20 йил олдин келтирилган бўлиб, ҳозирда маънан эскирган, носоз ҳолатга келиб қолган. 10 та тиббиёт муассасаларини замонавий тиббий жиҳозлар билан жиҳозлаш муаммо бўлиб турибди.

Маълумотларга қараганда, туманда 216 нафар шифокор фаолият кўрсатаётган бўлиб, 12, 75  штат бирлигидаги умумий амалиёт шифокори ҳамда 3 нафар тор доирадаги мутахассисга эҳтиёж бор. Шуниндек, 3 та мақбуллаштирилган қишлоқ врачлик пунктини қайта тик-лаш керак.

Шифокорлар учун муносиб шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилиб, қишлоқ оилавий поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пунктлари малакали мутахассислар билан таъминланади. Албатта, қўйи бўғиндан бошланган бу саъй-ҳаракатлар аҳоли саломатлигини асрашга қаратилган эътиборнинг ифодасидир.

 

Маъсуджон Сулаймонов.