Рух маъдани – бисёрдир шифояти

Рух маъдани – бисёрдир шифояти

Кимёвий унсурлар инсон танаси умумий вазнининг 4 фоизини ташкил этади. 2 фоизи суяк-лар, тиш, тирноқ, соч каби “қаттиқ” соҳаларда, қолгани эса лимфа, қон, тўқималар суюқлиги каби “юмшоқ” соҳаларда бўлади. Қуйида уларнинг бири бўлган – рух маъдани хусусиятини алоҳида қаламга оламиз. Зеро, бу маъдан асаб тизимининг фаолиятида, тананинг ривожланишида, айниқса, иммун тизимини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади. Хусусан, унда вирусга бевосита қарши курашиш хосияти бор.

 

Рух етишмаса… нима бўлади?

 

Рух етишмаганда янги ҳужайралар ҳосил бўлмайди, шикастланганлари эса қайта тикланмайди. Ёши катта одамларда қариш тезлашади, болалар ва ўсмирлар яхши ривожланмайди, яралар секин битади. Иммунитет ҳам шу маъданга боғлиқ бўлиб, яллиғланиш ва гриппнинг дастлабки белгилари намоён бўлганда С дармондориси билан бирга тавсия этилади. Режали жарроҳликларда беморга операциясидан бир неча кун олдиндан, токи тузалиб кетгунча рух воситалари буюрилади.

Рух етишмовчилиги тўғридан-тўғри милкларни бўшаштирмайди. Лекин бактерияларга  таъсирчан қилади. Пировардида хасталик келиб чиқади. Рух суяк тўқимасининг асосий қурилиш материали ҳисобланган кальцийнинг жойлашиши учун оқсилли қолип ишлаб чиқаришда керак бўлади. Шу боис, эндигина суяклари шаклланаётган болалар учун ниҳоятда зарур.

Рух танқислигининг биринчи белгиларига нималар киради? Биринчи навбатда, кўриш, ҳидлаш, таъм сезиш қобилиятлари издан чиқади ёки буткул йўқолади. Бу эса, ўз навбатида, иштаҳа йўқолишига, таом ҳазми бузилишига, шабкўрлик ва бошқа хасталикларга олиб келиши мумкин. Шу билан бирга, тушкун кайфият, чарчоқ, ҳаётга бўлган қизиқишнинг сўнишини келтириш мумкин. Кўп ўтмай бошқа белгилар ҳам ўзини намоён қила бошлайди. Чунончи, соч тўкилиши, тирноқларда оқ доғларнинг пайдо бўлиши, дерматит (тери хасталиги бир тури) ва яраларнинг секин битиши намоён бўлади. Ана шу пайтда рухга бой маҳсулотларни истеъмол қилиш даркор.

Суякларнинг мўрт бўлиб қолиши, бод (ревматизм, ревматик иситма), артрит ҳам рух етишмаслиги оқибатида келиб чиқиши мумкин. Суякларнинг ўсиши, шаклланиши учун кальций, фосфор, магний, фтор, кремний каби маъданлар сингари албатта рух ҳам керак. Айниқса, ҳомиладор аёллар ва болалар учун жуда зарур. Чунки она танасидаги рух миқдори чақалоқнинг танглай, лаб, юрак, кўз, суяк, ўпка, мия ва пешоб йўллари тизимининг шаклланишига бевосита таъсир қилади. Тутқаноқ ва руҳий хасталик (шизофриния)нинг айрим турларига ана шу модданинг етишмаслиги сабаб бўлиши мумкин.

 

Нега рух етишмайди?

 

Маълум бўлишича, гап фақат озиқ-овқат таркибида рухнинг камлигида эмас. Муаммо шундаки, баъзи сабаб-лар туфайли рух аъзои танага яхши сўрилмайди. Хусусан, ширинлик ва шўр нарсаларга ўч шахслар бундай таомлар танада рухнинг камайишига олиб келишини билиб қўйса фойдадан холи бўлмайди. Алкоголь ичимлиги ҳам мушак, қон плазмаси ва жигардаги рух миқдорини камайтириб юборади.

Шунингдек, гормон билан даволаниш танада рух етишмаслигини келтириб чиқаради. Тез-тез оғир жисмоний машқлар мускул толаларига зарар етказиб, организмда унинг камайишини келтириб чиқаради. Мисол учун, спортчилар машғулот ўтаганда 60 фоиз рух йўқотар экан. Шу билан бирга, оғир металлар билан заҳарланиш унинг камайишини келтириб чиқариши мумкин. Бундан ташқари, рух сўрилишини камайтирувчи нарсаларга шовул кислота (баъзи сабзавотлар ва исмалоқ ўсимлиги таркибида бўлади), танин (қаҳва, чой), селен, темир ва кальций киради. Бахтимизга танамизда пиколин кислота, В6 дармондориси, цитрат, аминокислота сингари рух сўрилишига кўмак берувчи моддалар мавжуд.

Асосий манбаси нимада?

 

Рух асосий манбалари қуйидаги-лардан иборат: қовоқ уруғи, димланган товуқ юраги, ёғсиз гўшт, қовурилган мол жигари, қора курка гўшти, товуқ жигари, қора товуқ гўшти, кунгабоқар уруғи, ловия, нўхат, ясмиқ, қовурилган ёнғоқ, сули бўтқаси каби маҳсулотлар 100 граммида 1 мг.дан то 8 м.гача рух маъданини сақлайди.

Замонавий тиббиётда қўлланилиши

 

Рух маъдани замонавий тиббиётда кенг кўламда қўлланилади. Қуритувчи, буриштирувчи ва антисептик хусусиятлари билан бир талай хасталикларни даволашда асқотади. У бир қатор дори воситалари таркибига киритилган. Доривор малҳам таркибидаги рух яллиғланишни ва таъсирланишни камайтиради, ачишиш ҳиссини даф этиб, қон оқишини тўхтатишга ёрдам беради. Рухли малҳам ва суртма мазлар, кремларнинг деярли ножўя таъсири йўқлиги учун ҳомиладор ва эмизикли аёлларга ҳам тавсия этилади. Айниқса, рух эркакларнинг “иккинчи юраги” – простата бези яллиғланишида, бавосил (геморрой) каби хасталикларда шифо ато этади.

 

Танага қанча рух зарур?

 

Тананинг меъёрида яхши ишлаши учун қанча рух зарур бўлади, дея савол туғилиши табиий. Бир кунлик меъёр эркаклар учун – 15 мг, аёллар учун – 12 мг, ҳомиладор, эмизикли аёллар учун 30 мг бўлиши талаб этилади. Бир қарашда бу жуда оздек туюлади. Лекин, статистик маълумотларга қараганда, 50-80 фоиз инсонларда шу миқдор ҳам етишмас экан.

 

Мирзамир

МИРЗАШАРИПОВ,

фармацевтика кимёгари.