Press "Enter" to skip to content

[:uz]Чим устида хоккей: шароит йўқ, аммо шижоатли ёшлар бор[:]

[:uz]Токио олимпиадаси саралаш мусобақаси иштирокчиси — Қўштепанинг чим устида хоккейчи қизлари нега мутасаддилар эътиборидан четда қолмоқда?

Қўштепа туманидаги “Шомирза” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ёшларидан таркиб топган чим устида хоккей бўйича вилоят қизлар терма  жамоаси 2018 йилда Сингапур, 2019 йилда Малайзияда бўлиб ўтган  Осиё мусобақалари ғолиблари сафидан жой олди.

Бу зафарли одимлар оддий қишлоқ қизларига Японияда бўлиб ўтадиган  Олимпия мусобақалари саралаш баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси шарафини ҳимоя  қилиш ҳуқуқини берди. Жорий йилнинг апрель ойида ўтказилиши кутилган саралаш баҳслари коронавирус пандемияси сабаб маълум муддатга қолдирилган   бўлса-да,  хоккейчи қизлар  жамоа-си машғулотларга зўр бермоқда.  Асосий мақсад,  тўрт йилликнинг  нуфузли баҳси бўлган Олимпия мусобақаларида муносиб иштирок этиш…

 

Ўтмишга назар

 

Ўтган асрнинг саксонинчи   йилларида “Навбаҳор” номи  остида катта спорт саҳнасига чиққан  чим устида  хоккей бўйича  қизлар жамоаси собиқ иттифоқ миқёсида бўлиб ўтган кўплаб мусобақаларда муваффақиятли иштирок этди. Олис қишлоқда  бу спорт турига  қизиққан қизлар сафи кенгайди, кўплаб чемпионлар етишиб чиқди. Мустақиллик йилларида “Зарнигор” чим устида хоккейчи қизлар жамоаси мамлакат ва халқаро спорт баҳсларида совринли ўринларни қўлга киритиб келмоқда. Ўзбекистон терма жамоаси  таркибида  иштирок этаётган ёшларнинг асосини мана шу спорт мактабида етишиб чиққан ёшлар ташкил этади.

— Маҳалламизда чим устида хоккей спорт тури билан шуғулланиб, чемпион бўлган ёшлар кўпчиликни ташкил этди, — дейди “Шомирза” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Қобилжон Аҳмадалиев.  — Жорий ўқув йилининг ўзида 10 нафар  чемпион қизлар имтиёзли тарзда олий ўқув юрти талабалари бўлишди. Маҳалламизда ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида турли спорт  тадбирлари ўтказиб келамиз. Лекин бу ердаги шароит ва имкониятлар бугунги кун талабига  жавоб бермайди. Ҳар йили саховатпеша фермер ва тадбиркорлар кўмагида ўйин майдонларини таъмирлаш, зарур жиҳозлар олиб беришга ҳаракат қиламиз. Лекин “эскини эплагунча эсинг кетади” деганларидек, бундай саъй-ҳаракатлар муаммолар ечимини  ҳал этиш имкониятини бермаяпти.

 

Ҳаммаси яхши,

бироқ…

 

Айни кунда “Шомирза” маҳалла фуқаролар йиғинидаги  23-умумтаълим мактабида фаолият олиб бораётган болалар ва ўсмирлар спорт мактабида  юзлаб ёшлар машғулотларга зўр бермоқда. Аммо бу ерда машғулотлар олиб бориш учун керакли бўлган оддий  шарт-шароитлар йўқ.  Атрофи ўралмаган, ўнқир-чўнқир, ажриқ босган йўл ва йўлаклар эътибордан  четда қолган спорт мактабидаги бугунги ҳолат кишини  таажжубга солади.

— Кичик ёшдаги  иккита гуруҳда 32 нафар қизларга ҳафтада 4 кун машғулот ўтаман, — дейди мураббий Одинахон Умаржонова. – Иқтидорли, шижоатли ёшларимиз кўп. Бироқ амалий ва назарий билимларни мустаҳкамлаш учун зарур бўлган имкониятлар йўқ.  Ўйин майдонлари талабга жавоб бермайди, оддий клюшка, тўплар етишмайди. Чим устида хоккейчи қизлар дарвозабонини  ҳимояловчи спорт кийими умуман йўқ. Шу кунда алмисоқдан қолган жиҳозлардан бир амаллаб фойдаланяпмиз. Ҳолбуки, ўқув машғулотида иштирок этувчиларнинг ҳар бири учун алоҳида клюшка, тўп зарур бўлади.  Машғулотларимизга  нафақат яқин қишлоқ,  балки атроф туманлардан спортга қизиққан ёшлар келади.  Ёрдам сўраб туман, вилоятдаги мутасадди идораларга бир неча бор мурожаат қилганмиз. Лекин ҳеч қандай  ўзгариш бўлмаяпти. Ҳатто мусобақаларга бориб келиш учун ҳам ҳомийлар излаймиз.

Спорт мураббийининг куюнганича бор.   Айни кунда   14 ёшгача бўлган 72 нафар ва ундан юқори ёшдаги 50 нафар чим устида хоккейчи қизлар шуғулланаётган спорт мактабида  оддий ечиниш-  кийиниш хоналари, иссиқ, совуқ сув йўқ.  Ҳайҳотдек ўйингоҳдан ҳар ким хоҳлаганча фойдаланмоқда.  Тунги ёритиш жиҳозлари, ўриндиқлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Айтишларича,  ёз мавсумида ўтлоққа айланган ўйингоҳ  қўй-қў-зиларнинг “севимли” масканига айланиб кетар экан. Маҳаллада яшовчи аҳоли эса ўйингоҳда ўзлари учун йўлак очиб олишган.

 

Муаммога

ечим бор…ми?

 

Президентимиз 2019 йил 6-7 май кунлари Фарғона  вилоятига  ташрифи давомида кенгайтирилган тарзда ўтказилган мажлисда  туманда замонавий моддий-техника базасига эга бўлган “Чим устида хоккей” спорт иншооти қуриш юзасидан таклифлар берилган эди.

— Шу боис  Қўштепа туман ҳокимининг 2019 йил 1 июль кунги қарори  билан “Шомирза” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 23-умумтаълим мактабига қарашли 25-контурда жойлашган 1, 4 гектар қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер майдони туман ҳокими захирасига қайтарилиб,  бу ерда  замонавий моддий-техника базасига эга бўлган “Чим устида хоккей” спорт иншооти қуриш учун ер майдонлари ажратилган, — дейди  чим устида хоккей бўйича вилоят федерацияси ижрочи директори Абдуҳамид Ваҳобов. –  Аммо йиллар ўтсада,  янги иншоот қурилиши  билан боғлиқ бирон-бир иш бошланмади. Мутасаддилар бўлса, ваъда беришдан нарига ўтишмаяпти.

Масалага ойдинлик киритиш мақсадида  вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси мутасаддиларига юзландик. Уларнинг айтишича, мазкур спорт базасини қуриш 2021-2023 йиллар Инвестиция дастурига киритилган ва қурилиш ишлари ана шу дастурга мувофиқ амалга оширилиши белгиланган.

Ҳар қандай муваффақият  ўз-ўзидан қўлга киритилмайди. Унинг замирида изланиш ва албатта, спортчи ёшларга яратилган шароитлар муҳим.  Лекин “Шомирза”да шароит йўқ, лекин шижоатли ёшлар бор. Шундай экан, биз бу мавзуга яна қайтамиз.

 

Расулжон Камолов.[:]

Ulashing: