Янги тиббиёт масканлари иш бошлади

Янги тиббиёт масканлари иш бошлади

Фарғона шаҳар тиббиёт бирлашмаси таркибидаги шаҳар болалар шифохонаси реконструкция қилиниб, 50 ўриндан иборат уч қаватли даволаш корпуси барпо этилди.

чилиш маросимида Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Хайрулло Бозоров иштирок этди.

Президентимизнинг 2018 йил Фарғона вилоятига қилган ташрифлари давомида берилган топшириқ асосида мазкур тиббиёт масканида амалга оширилган реконструкция ҳамда қурилиш ишларига 10 миллиард сўм маблағ сарфланди.

Натижада бемор болалар учун зарур шароитлар яратилиб, янги тиббий ускуналар билан жиҳозланди. Шунингдек, шаҳар болалар шифохонасига тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун махсус жиҳозланган “Дамас” русумли енгил автомашина совға қилинди.

Бугунги кунда мазкур муассасада 335 нафар шифокорлар, ҳамшира ва кичик тиббиёт ходимлари шаҳарнинг 92 минг нафардан зиёд 18 ёшгача бўлган фуқароларига хизмат кўрсатмоқда.

– Аҳолига, айниқса, болаларга тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш – бизнинг энг асосий вазифамиз, – деди вилоят раҳбари.  – Мазкур шифохонада болаларни малакали даволашнинг замонавий технологиялар асосида ташкил этишга алоҳида эътибор қаратамиз. Шунингдек, бу ерда ёш шифокорларимизга инновацион изланишлар олиб бориш, сифатли муолажаларни ташкил этиш, ривожланган тиббиёт муассасаларида малака ошириш ишларини ҳам йўлга қўйиш айни муддао бўлади.

***

Фарғона шаҳри марказида хорижий инвестиция иштирокидаги “Hayat world medical” хусусий тиббиёт маркази ҳам фойдаланишга топширилди.

Мазкур тиббиёт маркази хизмат кўрсатиш тури бўйича водийда ягона бўлиб, “Asia Alliance Bank” томонидан ажратилган 1,2 миллион долларлик кредит маблағи ҳамда 800 минг долларлик Туркия инвестицияси асосида барпо этилди. Натижада 50 та янги иш ўрни яратилиб, даволаш ишларига туркиялик ҳамда қозоғистонлик шифокорлар ҳам жалб этилган.

Ҳар бир инсон учун берилган энг катта неъмат – бу фарзанд. Жамиятда ҳар бир оиланинг фарзандли бўлиши уларнинг бахтиёрлигини мустаҳкамлайди. Баъзи оилаларда эса тиббиёт нуқтаи назаридан айрим муаммолар фарзанд кўришга тўсқинлик қилади. Қолаверса, бу оилаларнинг ажрашишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Тиббиёт марказида малакали шифокорлар замонавий тиббиётнинг янги методлари асосида ёш оилаларга ушбу муаммоларни бартараф этишга яқиндан ёрдам беради. Бу ҳар бир оила мустаҳкамлиги, аҳиллиги учун жуда катта восита.

Очилиш маросимида иштирок этган вилоят раҳбари Х.Бозоров эзгу мақсадлар билан ташкил этилган марказ вилоят аҳолиси учун ихтисослаштирилган тиббиёт хизматларидан фойдаланиш имкониятини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.

 

М. МЎМИНОВ.

М.Қодиров олган сурат.